КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА «КОМПЛАЕНС-НАЗОРАТ» ТИЗИМИ
Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Коррупциявий ҳаракат – ходим томонидан пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали порани яъни пул, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулкни, мулкий тусдаги хизматларни, бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш, таклиф, ваъда қилиш ва бериш, шунингдек, пора бериш ва олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, ходим томонидан пора олиш ёки ҳуқуққа хилоф бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиш тушунилади. Мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.
Ўзбекистон Республикасида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашишни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади.
Солиқ қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва унинг қуйи тузилмалари ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан коррупцион ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш чораларини кўради.
Коррупцияга қарши комплаенс (муайян ички ва ташқи талабларга ёки меъёрларга тўлиқ мувофиқлик, қонунга итоаткорлик тушунилади) назорати – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонунбузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизим. Коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизими – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг ходимлари фаолиятидаги коррупциявий фаолият соҳаларини аниқлаш ва бартараф этишга, уларнинг фаолиятини коррупцияга қарши курашишга оид халқаро стандарт ва тавсияларга, миллий қонунчилик ҳужжатлари ва ички меъёрларга мувофиқлигини назорат қилиш ва таъминлашга қаратилган универсал профилактик тизимдир.
Коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўриш, коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сонли Фармони имзоланди.
Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш, 2017-2021 йилларда Ўзбе-кистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сонли Фармони қабул қилинди.
Солиқ қўмитасининг 2023 йил 9 июндаги 128-сонли буйруғи билан «Солиқ қўмитасининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати» такомиллаштирилиб, қайта тасдиқланганди.
Бунда:
-коррупцияга қарши курашишнинг асосий тамойиллари;
-коррупцияга қарши курашиш тизими;
-коррупцион хатарларни баҳолаш ва олдини олиш;
-манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш;
-коррупцион ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш ва бундай хабарларни кўриб чиқиш каби асосий йўналтиришлар устувор вазифа этиб белгиланди. «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати»дан кўзланган мақсад тизимда коррупцион ҳолатларга йўл қўймасликка қаратилган. Хусусан, ҳар қандай шахслар ходимлар хатти-ҳаракатларининг қонунийлигига, одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилишига шубҳа туғилса, шунингдек, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этишга гумон ёки содир этилганлиги фактлари ҳақида Солиқ қўмитасининг алоқа каналлари орқали хабар бериши мумкин. Сиёсатнинг коррупцияга қарши талабларини бузиш эҳтимоли ҳақида хабар берган шахсларни таъқиб қилишга йўл қўйилмаслиги кафолатланган, маълумотлар тасдиқланса, коррупция фактлари тўғрисида виждонан хабар берган ходимлар белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.
Шоҳруҳбек РАСУЛОВ,
туман солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари.

