ТАДБИРКОРЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-21-сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонга асосан тадбиркорлик субъектлари тоифалари белгиланди.
*жами даромади календарь йил давомида 10 млрд. сўмдан 100 млрд. сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
*жами даромади календарь йил давомида 100 млрд. сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари;
*микрофирмалар – таъсисчилари жисмоний шахслар бўлган ҳамда жами даромади календарь йил давомида 1 млрд. сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, кичик корхоналар – жами даромади календарь йил давомида 1 млрд. сўмдан 10 млрд. сўмгача бўлган ҳамда таъсисчилари юридик шахслар бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади.
Барча туман ва шаҳарлар 5 та тоифага ажратилади. Уларда солиқ, субсидия, кредит фоизлари учун компенсация ва кафиллик бериш, инфратузилмага улаш бўйича алоҳида тартиблар белгиланади.
Бизнес муҳит яхшилангани натижасида тушумлари 1 млн. доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтага етган. Яна минг нафари товар айланмасини 1 млн.дан 10 млн. долларгача етказган, 220 нафарининг тушумлари эса 100 млн. долларга етган. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингта бўлган, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайган.
Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва яхлит экотизим яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-306-сонли қарори, 2023 йил 10 ноябрдаги «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-193-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 ноябрдаги «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-366-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича республика ва маҳаллий комиссиялари ташкил этилди.
Баҳодиржон МАМАДЖАНОВ,
Бош прокуратура бошқарма катта прокурори.

