ИНСОН ВА ТАБИАТ ҲАМЖИҲАТЛИГИ, ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ДАСТУР

2025 йил – «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили»га мўлжалланган давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу жараён икки ҳафта давомида, яъни 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасидан ўтказилиши эълон қилинди.

Бу йилги Давлат дастури лойиҳаси ҳам «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг устувор йўналишлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар бўйича долзарб масалалар қамраб олинган. Асосий эътибор атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» масалаларига қаратилганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида ўрин эгаллаган.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ишларни амалга оширишда илмий асосланган ҳолда ёндашув ҳамда соҳага мутахассис кадрларни тайёрлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланди. Олий ўқув юртида «циркуляр иқтисодиёт» таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйиладиган бўлмоқда. Шу билан бирга, Табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш» фани ва ўқув дастурлари киритилиши белгиланмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт» йили давлат дастури ва уни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳалари муҳокамасида барчамиз фаол иштирок этишимиз ва бизнинг таклифларимиз эътибордан четда қолган масалаларни аниқлашга, бирор-бир ижтимоий долзарб муаммони бартараф этишга, давлат дастурини янада халқчил бўлишига хизмат қилади. Қолаверса, мамлакатимиз истиқболи, унинг ёруғ келажаги йўлида дахлдорлик ҳиссини чуқур англаб, эртанги кунимизнинг устувор йўналишлари ва стратегик мақсадларини белгилашда иштирокимиз барчамизнинг бурчи-миздир.

О.МАМАТКАРИМОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.