МАҚСАД САРИ ИНТИЛИБ…
Овчибулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Нилуфархон ва Шокиржон Эгамбердиевлар оиласи намунали оилалардан. Нилуфархон 29-мактабда физика фани ўқитувчиси. Шокиржон 20-мактабда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари. Оилада 2 ўғил ва 2 қиз камолга етмоқда. Исломжон қўл жанги бўйича спорт мураббийси, Нодира НамДУ биология факультети талабаси. Ойшахон 29-мактабнинг 10-синфида ўқийди, айни вақтда инглиз тилини ўрганмоқда.
Оиладаги яна бир фарзанд Азизбек Турсунов дастлаб туманимиздаги 29-мактабни, кейин Наманган шаҳридаги 2-давлат ихтисослаштирилган мактабини битирган. Ҳозирда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг қўшма таълим факультетида бухгалтерия ва аудит мутахассислиги бўйича 4-босқич талабаси. Ўқишни Индонезия таълим университетитида давом эттирмоқда. У жаҳон тажрибасида бухгалтерия ва статистика, аудит бўйича билимларини оширмоқда. Инглиз, рус тилларида сўзлаша олади. Индонезиянинг бахаса тилини ҳам ўрганяпти. Кейинги йил молия ва бухгалтерия йўналишида магистратурада ўқиш ниятида.
-Бу ерда 77 нафар ўзбекистонлик талаба ўқиймиз, -дейди Азизбек. -Ўзбекистоннинг Индонезиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Эшонов биз ўқиётган университетга келиб, ёшларга кучли мотивация берадилар, ўзбек миллий дастурхони атрофида биз билан дилдан суҳбатлашадилар.
Келажакда Азизбек ўқишни тамомлагач, юртимизда банк соҳасида етук мутахассис сифатида фаолият юритиб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишни мақсад қилган.

