ЙИЛЛИК МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ
Меҳнат кодексининг 228-моддасига асосан ходим ҳар йилги меҳнат таътили бериладиган вақт тўғрисида таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак.
Яъни, иккинчи ва кейинги иш йилларида ишлаётган (аниқроғи, шу ташкилотда иш бошлаганидан бир йилдан ўтган барча ходимлар)га меҳнат таътили бераётганда, иш берувчи бу ходимни камида 15 кун олдин хабардор қилиши лозим. Қанақа қилиб дейсизми? Албатта ёзма шаклда. Бу албатта мажбурият. Агар бу талаб бажарилмаётган бўлса, текширувчилар жиддий олиши ҳам мумкин.
Бу талабга риоя қилиш учун бир хил иш берувчилар ходимга 15 кун олдин огоҳлантириш хати ёки ёзма хабарнома беради. Бунда огоҳлантириш хатини 2 нусхада чиқариб, бир нусхасини ходимга бериб, иккинчи нусхасига “фалон санада олдим” деб имзо қўйдириш керак. Тўғриси, бу вариантни ортиқча ҳужжатбозлик деб биламиз.
Баъзида, таътил жадвалида “таътилга кетиш ҳақида огоҳлантирилганлиги” деб номланган алоҳида устун очиб, шу жойга ходимнинг 15 кун олдинги сана билан имзо қўйдиришни тавсия қиламиз. Бу ҳам бир вариант. Лекин, таътил жадвалингизда бунақа устун бўлмаса-чи? Демак, муаммо.
Яна битта вариант бор. Ходимга ҳар йилги меҳнат таътили бериш ҳақида камида 15 кун олдин буйруқ чиқариб, ходимга ўша буйруқни таништирсангиз ҳам бўлади.
Шунда битта буйруқ билан ходимни ҳам 15 кун олдин хабардор қиласиз, ҳам меҳнат таътили берасиз.
Шокиржон ДАДАБОЕВ,
Одилхон БОЙХОНОВ,
туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсультлари.

