ҚИСҚА САТРЛАРДА

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда «Chevrolet Orlando» автомобилини ишлаб чиқариш тўхтатилади.

***

«Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive»  заводида йилига 16 минг «Peugeot Expert» ва «Peugeot Boxer» русумидаги экспортбоп тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади.

***

Марказий банк маълумотига кўра, март ойи охиригача нақд пул олиш мумкин бўлган банкоматлар сони қарийб 600 тага етказилади.

***

Наманганда йилига 500 минг тонна цемент ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди.

***

«Ўзбекистон почтаси» республика бўйича курьерлик жўнатмаларининг чекланган вазнини 50 килограммгача оширди.

***

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида тушлик вақти 13:00 дан 14:00 гача этиб белгиланди.

***

Адлия вазирлиги шу йил 1 февралдан бошлаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божи ва  бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш механизмини жорий этди.

***

Республикамизда пилла етиштиришни кўпайтириш  бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Унга кўра, келгуси йилда ипак қуртини 3-4 марта парваришлаб, мўл ҳосил олиш мумкин. Тутзорларда  паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик ва қуёнчиликни йўлга қўйиш, такрорий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконияти бўлади. Бунинг учун ҳар 5 гектар тутзорда биттадан инновацион пилла етиштириш маскани барпо этилади.

***

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам мулкий шакли ва бошқарувидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилиши  белгиланган.

***

Жорий йилнинг 1 февралидан мамлакатимизда автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг Хитойда ишлаб чиқарилган тури – композит қопламасидан фойдаланиш тақиқланади.

***

Вазирлар Маҳкамасининг «Архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

***

2018 йилда телефон рақамлари иккита қўшимча рақамга узунроқ бўлади, минтақа коди қўшилади. Шу тариқа шаҳарлараро рақамларга қўнғироқ қилиш жараёни ҳам енгиллашади.