Шеърият

Қўлимда май тўла косасан,

Ўтдан олиб, сувга соласан,

Наҳотки, сир бўлиб қоласан?

Шеърият – кўнглимга  чўккан дард.

Ёмон бўлди наҳот суйганим,

Кўнглимни минг пора тилганим,

Етмасми шунчалар куйганим?

Шеърият – кўнглимга чўккан дард.

Тунлар йиғлоқ боламдайинсан,

Айтиб бўлмас ноламдайинсан,

Сен ўзга бир оламдайинсан,

Шеърият – кўнглимга чўккан дард.

Қара, бугун сочларимда оқ,

Ҳижрон ҳамон соляпти қармоқ,

Қани ўша маъсума ўртоқ?!

Шеърият – кўнглимга чўккан дард.

Олиб кетгин армонларингни,

Жонимга қасд ҳижронларингни,

Ташлаб юбор осмонларингни,

Шеърият – кўнглимга чўккан дард.

Гулзода ТУРСУНОВА.