ЎКСИК ДИЛЛАР – ЭЪТИБОРИМИЗДА
Ҳаётнинг гўзаллигини, айниқса, имконияти чекланган инсонлар яқинларининг самимий меҳри, эътибори туфайли ҳис этади. Меҳр бор экан, инсон ҳаёти ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Меҳр-мурувват йўқ жойда ҳаёт бўлмайди.
Шу меҳр нури сабаб чечаклар уйғониб, улар танасига ҳаёт инади, тоғ-тошлар бағрини ёриб, майсалар униб чиқади.
7-мактабнинг 3-«А» синфида якка тартибда таълим-тарбия олаётган Шоҳжаҳон Жалолдинов, Муштарийбегим Юсуфжонова, 5-«Д» синф ўқувчиси Муҳаммадюсуф Абдулвосиев ҳам яқинларининг меҳри, устозларининг эътибори туфайли ҳаётга муҳаббати ўзгача. Фан асосларини яхши ўзлаштирмоқда, жуда кўп шеърларни ёддан билади, расм чизишга иштиёқи баланд. Бунда уларга таълим-тарбия бераётган устозларининг ҳам хизматлари беқиёс. Байрам арафасида уларнинг хонадонларига синфдошлари ташриф уюштиришди. Шеър, қўшиқлар айтишди, синф раҳбарлари совға-саломлар билан ўқувчилар кайфиятини кўтаришди. Бир-биримизга қалбан яқин, эътиборли, меҳр-мурувватли, ҳушёр, оқибатли бўлайлик. Зеро, шоир айтганидек:
Бешикдан то қабрга қадар
Эришганинг ҳидоят бўлсин.
Ўксик дилни обод этмоқ – Ҳаж,
Улуғ мақом муборак бўлсин!
М.РЎЗИМАТОВА,
7-мактаб руҳшуноси,
Д.МАМАТҚУЛОВА, синф раҳбари.

